Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Жиззахда вилоят ҳокимининг акаси ва ўғли миллиардлаб сўмлик лойиҳаларга эгалик қилмоқда

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Алибекович Солиевнинг ўғли Элбек Эргашевич Солиев ҳамда унинг акаси Шавкат Алибекович Солиев иштирокидаги компаниялар вилоят ҳудудида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келишмоқда.

Телеграмдаги Davletovuz канали муаллифи «Қоракўз-инвестор, жигар-тадбиркор» сарлавҳали навбатдаги суриштирувида ҳам Жиззах вилоятидаги таниш-билишчилик ва манфаатлар тўқнашуви мавзусини кўтарди. Унинг аниқлашича, сўнгги йилларда Жиззах вилоятида турли лойиҳаларда фаол иштирок этиб келаётган Россиянинг AAA INVESTMENT COMPANY компанияси - хорижий инвестор ниқобидаги ўзбекистонлик Шавкат Алибекович Солиевга тегишли.

AAA INVESTMENT COMPANY компанияси Россияда 2018 йил 20 февралда 1 млн рубллик устав фонди билан рўйхатдан ўтган, март ойида эса Ўзбекистонда ушбу компания (90 фоиз) ва Элбек Солиев таъсисчилигида AAA COMPANY МЧЖ қўшма корхонаси очилган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил ноябридаги қарори билан тасдиқланган 2020-2022 йилларда Жиззах вилоятининг Зомин туманида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига кўра, AAA COMPANY МЧЖ қўшма корхонаси Дуоба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Туристик даволаш-соғломлаштириш мажмуаси ташкил этиши белгиланган. Эътиборли томони, ушбу мақсадлар учун ер ажратиш бўйича қарор Зомин тумани ҳокими томонидан 2019 йилдаёқ чиқариб қўйилган.

Мажмуа қиймати 14 млрд сўм бўлиб, 7 млрд компания ҳисобидан, 5 млрд сўми Миллийбанк кредитлари ҳисобидан, 200 минг долларлик чет эл инвестицияси ҳисобидан амалга оширилиши керак.

Компания туманда чорвачилик билан боғлиқ яна бир лойиҳани амалга оширишни ният қилган. Қўшма корхона очилган ойнинг ўзидаёқ туман ҳокими ер ажратиш бўйича қарор чиқариб берган.

Мазкур корхона томонидан Шароф Рашидов тумани, Учтепа қишлоқ фуқаролар йиғинида умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилган. ОАВда эълон қилинган реклама материалидан маълум бўлишича, Миллийбанк томонидан ажратилган кредит маблағи эвазига боулинг маркази ва 3D кинотеатр қурилиб, зарур жиҳозлар харид қилинган. 3D кинотеатр 2та залдан иборат бўлиб, ҳар бири 50та томошабин ўрнини ўз ичига олади.

Қўшимча қилинишича, Шавкат Солиев ва Элбек Солиев 2018 йил апрелида 90/10 улушда METAN KOREA МЧЖ қўшма корхонасини ҳам очишган.

2 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс